"SAIPRO" ишончлилик рейтинги

Чоп этиш версияси

“SAIPRO” ахборот-рейтинг агентлиги 2017 йил якунларига кўра «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компаниясининг «uzA++» (Энг юқори молиявий кўрсаткич) рейтингини тасдиқлади.

Агентликнинг таъкидлашича, Компаниянинг 2017 йилдаги фаолияти якунлари бўйича кўрсаткичлари юқори даражада сақлаб қолинган. Компания томонидан йиғилган суғурта мукофотлари ҳажми қарийб 26 фоизга ўсган. Суғурта мукофотлари ҳажмининг ўсиши эса компания суғурта мажбуриятлари ҳажмининг ўсишига ҳам таъсир этиб, 23 фоизни ташкил этган. Умуман, суғурта портфелининг сон кўрсаткичлари яхшиланган, диверсификациялаш даражаси аввалгидек юқори даражада сақланиб қолган.

2017 йилда тўлаб берилган суғурта қопламаларининг ўсиш кўрсаткичи йиғилган суғурта мукофотлари ўсиш кўрсаткичидан баланд бўлиб, 35 фоизни ташкил этади. натижада суғурта мукофотларининг зарар кўриш даражаси 9,4 фоизни ташкил этган.

Компания қайта суғурталаш бозорида ҳам фаол иштирок этмоқда. Қайта суғурталаш фаолияти суғурта портфелининг сон ва сифат кўрсаткичларига ижобий таъсир этмоқда ва қайта суғурталаш фаолиятини юқори даражада комплекс баҳоланиши сақланиб туришини таъминламоқда.

Компаниянинг ҳудудий филиаллари ва жойлардаги суғурта бўлинмалари мамлакатнинг барча ҳудудларини қамраб олганлиги, унинг суғурта бозорида етакчиликни сақлаб туришини таъминламоқда. 2017 йил якунларига кўра, барча ҳудудий бўлинмалар бўйича суғурта мукофотларининг ўсиши кузатилган. Ҳудудий филиаллар ва суғурта бўлимларининг муваффақиятли фаолият юритаётгани компания ишчан фаолиятининг комплекс баҳосига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

2017 йилда компания активлари 220 фоизга ўсган. Таъкидлаш жоизки, компания активлар ва маблағларнинг ҳажми бўйича бозорда етакчи ҳисобланади. Ҳисобот даврида компания маблағлари ва суғурта захираларининг кўпайиши активларнинг ўсиш манбаи ҳисобланган. Активлар таркибида инвестициялар жалб этишни кўпайтириш орқали ўсиш амалга оширилган. Умуман, компания активлари динамикаси ижобий баҳоланмоқда ва капитал адекватлиги яхши ҳолатда сақланмоқда. Активлар ликвидлиги даражаси ҳам юқори баҳоланмоқда.

Инвестиция фаолияти компаниянинг суғурта фаолиятидан кейин иккинчи асосий йўналиши ҳисобланади. 2017 йилда инвестициялар ҳажми 234 фоизга кўпайган ва 728,4 млрд. сўмга етган. Қарийб барча инвестиция объектлари бўйича ўсиш кузатилган.

Умуман олганда, компаниянинг барқарор молиявий ҳолати, суғурта бозорини бошқаришни тартибга соладиган тўлаш қобилияти бўйича етарли захирага эгалиги, шунингдек, бозордаги етакчилик ўрни компаниянинг баҳолаш рейтинги сақланишини таъминловчи муҳим омил ҳисобланади.